- Global Voices ўзбек тилида - https://uz.globalvoices.org -

Ўзбек миллий ўзлиги узра Тошкент метросида сафар

Категориялар: Марказий Осиё ва Кавказ, Ўзбекистон, Кино, Санъат ва маданият, Тарих, Фуқаролик медиа

Тошкент метроси “Бунёдкор” бекатига кириш. Фото (c): Филип Нубель, муаллиф розилиги билан фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент метрополитенининг нақшинкор бекатларини суратга олишга узоқ йиллар давомида таъқиқ қўйилган эди [1]. Шўролар даврида мазкур ер ости тизими эҳтимолий ядро уруши хатарларини ҳам кўзлаб қурилган бўлиб, радиоактив ёғиндан ҳимояловчи бошпана вазифасини ҳам ўташи мумкин эди. 2018 йилдан [2] таъқиқлар олиб ташлангач, хорижлик сайёҳлар Марказий Осиёнинг энг кекса метрополитенига чинакам қизиқиш билдира бошлашди. Айтиш мумкинки, Тошкент метроси уларни бежизга ўзига жалб этмаётганди.

Тошкент метрополитени шунчаки ҳаракатланиш воситаси эмас.  Ушбу ер ости йўли ишга тушганидан бошлаб, ҳозирга қадар 29 бекатнинг бой безаклар берилган кўриниши ва номланиши бир неча бор ўзгартирилганки, бу ҳолат ҳам Ўзбекистон тарихидаги жўшқин ўзгаришларни ўзида акс этади.Қисқа қилиб айтганда, Тошкент метросига миниш – ҳали ҳам миллий қурилиш жароёни давом этаётган мамлакат тарихи ҳақида сўзлаб беради.

Халққа аталган саройлар

Ушбу воқеа шўролар мамлакатининг дастлабки кунларидан бошланади.

Владимир Ленин «коммунизм – совет ҳокимияти плюс бутун мамлакатни  электрлаштиришдан иборатдир»  (Коммунизм — это есть советская власть плюс электрификация всей страны) деган шиорни ўртага ташлаган.  1920 йил ноябрида [3] электр энергияси тараққиёт ва ёрқин келажакка умид тимсоли бўлиб туюларди. Орадан 12 йил ўтиб эса Шўролар раҳбарияти бир қарашда хаёлий, аммо ўта муҳим яна бир режага – метрополитен қурилиши тадбирига қўл урди. 1932 йилнинг 25 майида шўро ҳукуматининг ижроия органи – Совнарком [4] қуйидаги декретни [5] чиқарди:

«Считать Метрострой важнейшей государственной стройкой с обеспечением ее лесоматериалами, металлом, цементом, средствами транспорта и т. п. как первоочередной важности ударной стройки всесоюзного значения». 

“Метрострой давлат аҳамиятига молик энг муҳим иншоот сифатида кўрилсин. Бутуниттифоқ аҳамиятидаги мазкур зарбдор қурилиш учун зарур бўлган ёғоч маҳсулотлари, маъдан, цемент, транспорт воситалари ва ҳоказолар етказиб берилсин”.

Бошқача қилиб айтганда, шўролар технологияси муваффақияти ва устунлигининг намойиши учун ҳеч нарса аялмаслиги лозим эди. Москва метроси учун дастлабки ҳандақлар 1930-йилларда қазила бошланди, 1935 йил май [6]ига келиб биринчи йўналиш расман ишга туширилди. Ўша йиллар қурилишларига бағишланган «Метро ишга тушди»  (Есть Метро) деб номланган ҳужжатли фильм 30-йиллар нафасини яққол намойиш этади:

Песня о метро

Метро қурилиши совет иқтисодиетидаги туб бурилиш нуқтаси бўлди: агар биринчи бешйилликдан [7] (1928 – 1932) мақсад оғир саноатни барпо этиш бўлган бўлса, иккинчи бешйилликнинг [8] бош вазифаси урбанизация бўлди.  Натижада метро маданий тимсолга айланди, фильмлар, болалар адабиётида, шеърият ва қўшиқларда ўз ифодасини топди. У қуйидаги расмий қўшиқлардаги каби, сталинизмнинг муваффақияти белгиси дея тантанавор эълон қилинди:

Мы верили, мы знали, / Что, роя котлован,
Мы твой, товарищ Сталин, / Осуществляем план.

Опишут для столетий, / Да не одно перо
А после скажут детям / Как бились за метро!

Ҳандақ қазиятиб,/Биз ишонгандик, биз билардик
Сенинг уртоқ Сталин/Режангни амалга ошираетганимиз

Асрлар учун ёзиб қолдирар / Ҳали кўплаб қаламлар
Кейин эса болаларга айтиб беришар / Метро қандай қурилганлигин

 

Кейинги даврда метро мавзуси маргиналлар ёки диссидентлар ижодида ҳам кўзга ташланди. Хусусан, Бўлат Окуджава [9]нинг 1969 йилга тааллуқли мана бу қўшиғи шулар жумласидандир:

Москва метросининг муваффақиятларидан руҳланган шўро ҳукумати аҳолиси миллиондан ошган барча совет шаҳарларида [10] ер ости йўли қуриш режасини эълон қилди. Ушбу шуҳратпарас режалар бориб бориб секинлашди, бироқ 1991 йилда Совет Иттифоқи қулагунга қадар метрополитен 13 шаҳарда, шу жумладан  Ленинград (1955), Киев (1960), Тбилиси (1966) ва албатта Тошкентда (1977) ишга туширилди.

Тошкентнинг ўз метроси бўлади

Тошкентликлар ўз метросини ўн йиллаб кутишларига тўғри келди. Бу чекка ҳамда нисбатан ривожланмаган Совет Марказий Осиёсида биринчи метро эди. Режадорлар Тошкентда бир қанча муаммоларга дуч келишди. 1966 йил апрелида содир бўлган кучли зилзила [11] оқибатида Ўзбекистон пойтахтининг қарийб ярми вайронага айланган, мамлакатда малакали муҳандис ва метросозлар танқис эди. Шунингдек, узоқ давом этувчи жазирама мавсуми метронинг вентиляция тизими учун катта муаммо ҳисобланарди. Шуларга қарамасдан, бу каби мураккаб лойиҳани ниҳоясига етказиш шўро ҳокимияти учун жуда зарур тадбир эди. Тошкент метросини қазиш ишлари 1973 йилдан бошланди, бу мақсад учун бутун СССРдан ишчи кучлари ва махсус қурилиш мосламаларини жалб этишга тўғри келди. Орадан тўрт йил ўтгач, стахановча меҳнат самараси ўлароқ, 1977 йил ноябрида метронинг биринчи йўналиши очилди. Ушбу воқеа Октябрь инқилобининг 60 йиллик санасига [12] тўғри келди. Телевидение архивларида сақланган янгилик дастурларида қўшалоқ байрам муносабати билан барча маҳаллий раҳбарлар иштирокида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани, мамлакат раҳбари Леонид Брежнев [13]нинг шахсий табриги оломон олдида ўқиб эшиттирилганини кўриш мумкин.

Кейинги йилларда янгидан-янги бекатлар ишга туширилди, 1984 йилга келиб иккинчи йўналиш [14] ҳам қўшилди. 2007 йилда суратга олинган қуйидаги ҳужжатли фильмда ҳар бир бекатни ўзига хос тарзда безатишга алоҳида эътибор қаратилгани намойиш қилинади:

Ер ости символизми

Бошқа совет шаҳарларидаги метролар каби Тошкент метрополитени бекатларида ҳам ўзига хос сиёсий ва маданий мактублар муҳрланган эдики, булар шўролар мафкурасининг муҳим жиҳатларини ўзида акс эттириши лозим бўлганди. 1991 йилда мустақилликни [15] қўлга киритган Ўзбекистон ҳукумати ҳам, СССР харобаларида вужудга келган бошқа янги давлатлар изидан бориб, шўровий ўтмишнинг муайян жиҳатларидан узоқлашиш мақсадида, кўчаю майдонлар ва албатта, метро бекатлари [16] номларини ўзгартиришга киришиб кетди. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг аввалги ўтмишига мансуб ва шўролар даврида таъқиқланган тимсоллари яна қайта тиклана бошлади. СССР даврида қурилиб ишга туширилган 23 бекатдан 11 тасининг номи ўзгартирилди [16]. Масалан, «Ленин майдони» - «Мустақиллик майдони»га айланди.

1979 йилга доир совет почта маркасида «Ленин майдони» метро бекати тасвирланган.

Ҳозирда ишлаб турган 29 бекатдан (учинчи йўналиш 2001 йилда ишга туширилган) бештаси Ўзбекистоннинг ўзгарувчан миллий ўзлиги тарихини намоиш қилишда алоҳида аҳамият касб этади:

«Халқлар дўстлиги» метро бекати. Фото (c): Филип Нубель, муаллиф розилиги билан фойдаланилмоқда.

«Халқлар Дўстлиги» («Дружба Народов»): Ушбу бекат юқоридагиларнинг рамзий мисолидир. Гап шундаки, бекат номи шўро мафкурачилари ҳамиша такрорлаб келган шиорни ўзида акс эттиради. Яъни, совуқ уруш йиллари империалистик Ғарбга қарама-қарши тарзда – СССРнинг гўёки тинчликпарвар халқаро сиёсатининг яна бир карра такрорини бунинг мисолида уқиш мумкиндек. Бекатнинг ташқи ҳавозасида ҳам мазкур маънони англаш мумкин. 2008 йилга келиб, расмий Москвадан анча мустақил сиёсат юрита бошлаган Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов [17], ушбу бекатни “Бунёдкор” [18] деб аташга буйруқ берди. Бу тадбир ортида янги ўзбек давлатчилигининг асосчиси деб кўрила бошлаган Каримовнинг айнан ўзига ишоралар борлиги ҳам маълум эди. Бироқ, Россия билан қайта яқинлашишга интилаётган Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Мирзиёев [19], 2018 йили бекатнинг аввалги номини қайта тиклади.

Тошкент метросининг «Пактахор» бекати деворидаги пахта нақшлари. Фото (c): Филип Нубель, муаллиф розилиги билан фойдаланилмоқда.

«Пактахор». Ушбу бекат номи Ўзбекистон иқтисодиётининг пахта етиштиришга мангу қарамлигини тамсил этади. Шўролар даврида Москва 15 республиканинг ҳар бири зиммасига муайян экинлар етиштиришни мажбурият қилиб юклаган эди. Ўзбекистоннинг барча раҳбарлари пайтида, аҳолининг гарданига осилган оғир юк бўлишига қарамасдан, пахта яккаҳокимлиги сақланиб келди. Пахта етиштириш соҳасида мажбурий меҳнат [20], ҳатто болалар меҳнати ҳам мисли кўрилмаган кўламларда намоён бўлди. Адоқсиз пахта далаларини суғориш зарурати ортидан мамлакат экологик фожеага йўлиқди – Орол денгизи [21] қарийб қуриб битди. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича жаҳонда саккизинчи ўрин [22]ни эгаллайди.

«Чилонзор» метро бекати шифтига илинган қандил. Фото (c): Филип Нубель, муаллиф розилиги билан фойдаланилмоқда.

«Чилонзор».  Ушбу бекат шўро шаҳарсозлик сиёсати маҳсули ўлароқ вужудга келган Чилонзор [23] массиви шарафига шундай аталган. «Чилонзор» — санъат нуқтаи назаридан энг маҳобатли бекатлар сирасига киради: деворлари оқ мармар билан қопланган, таниқли усталар ишлаган нақшинкор панноларда ўзбекларнинг турмуши совет талқини – қишлоқ  анъаналари ва шаҳардаги муваффақиятлар акс этган. Худди Москва метросидаги каби бир неча улкан тождор қандиллар илинган.

Мана бу “Ўзбек саҳнаси” сўрида ўтирган чой ичаетган одамларни тасвирлайди.

«Чилонзор» метро бекати деворида чойхўрлик манзараси. Фото (c): Филип Нубель, муаллиф розилиги билан фойдаланилмоқда.

«Алишер Навоий». XV асрда яшаб ижод этган улуғ шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий [24] шарафига номланган бекат. Ҳозирги Афғонистон ҳудудида туғилган ва замонавий ўзбек тилининг «аждоди» бўлган Чиғатой лаҳжаси [25]дан ташқари, форсий ва арабийда ижод қилган Алишер Навоийни минтақадаги бошқа халқлар ҳам ўзларининг улуғ сиймолари қаторида кўришади.

Соз чалаётган Алишер Навоий. «Алишер Навоий» бекатидаги манзара. Фото (c): Филип Нубель, муаллиф розилиги билан фойдаланилмоқда.

«Космонавтлар». Расмий Кремль уқдириб келган социализм ютуқлари силсиласида фазогирлар Шўро илм-фани ва социалистик тараққиётнинг юксак тантанаси тарзида тақдим этиб келинган. Мазкур бекатда осмоннинг хос мовий ранги устунлик қилади, ўрта асрлар ўзбек мунажжимлари ва совет фазогирлари суратлари билан безатилган.

Юрий Гагарин сурати марказий ўринни эгаллаган «Космонавтлар» бекати. Филип Нубель фотоси, муаллиф розилиги билан фойаланилмоқда.

Совет давридан постсовет давригача, социалистик услубдан Исломий услубгача Тошкент метроси Ўзбекистоннинг бой тарихини ўзида мужассам этади. Метро бекатлари бу шаҳарга ташриф буюрувчилар йўналишининг зарур жиҳатига айланди ва узоқ давр давом этиб келаетган миллий қурилиш тарихининг навбатдаги босқичларида айнан сайёҳлик муҳим омиллардан бири бўлиб қолса, ажаб эмас.