- Global Voices ўзбек тилида - https://uz.globalvoices.org -

Афғонистонда портлаган худкушлик бомбаси қурбонларида қайта умид уйғотишга кўмакчи бўлган қаҳрамонлар билан танишинг

Категориялар: Марказий Осиё ва Кавказ, Афғонистон, Инсон ҳуқуқлари, Инсонпарварлик ёрдами, Сиёсат, Уруш ва низолар, Фуқаролик медиа, Яхши янгиликлар

Заҳро Ягона, “Яшил уй” ташкилоти раҳбари Қобул шаҳридаги офисида. Суръат муаллифи Изатуллоҳ Меҳрдод

2018 йил 15 август куни 17 яшар Шукрия Афғонистон пойтахти Қобулда олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёрланаётган маҳалда худкуш бомабардир ҳужумчи унинг камида 34 нафар тенгқурини ҳалок қилди.

Шукрия ҳужумда жароҳат олганлар орасида эди. Шифокорлар унинг қайта юриб кетиши имконияти атиги беш фоиз эканлигини айтдилар.

Аммо бир ойдан сўнг кўнгиллилар гуруҳи ушбу ўрта мактаб ўқувчисини Ҳиндистонда махсус парвариш олиши учун етарли маблағ тўплади. Заҳро Ягонанинг хабарига кўра, қиз кейинчалик Кобулда соғлиғини қайта тиклаб, Эронда даволанишни давом эттиргач, юра олиш имкониятини қайта тиклаш эҳтимоли 95 фоизга ошди.

Икки нафар ўсмирнинг ёлғиз онаси бўлган Ягона маблағ тўплаш ҳаракатини бошқарганлар орасида эди. Аёл Шукрия илк бор шифохонага ётқизилганда биринчилар сафида уни зиёрат қилган эди.

“Мен давлат шифохонасида шифокор сифатида ишлаётган эдим, – дейди Ягона.

“У ерда ҳамма Шукрия ортиқ юриб кета олмаслигини айтишар, мен эса унга юриши шартлигини айтар эдим”.

“Яшил уй” ташкилоти раҳбари [1] Ягона бу каби кўнгилли ишларга бегона эмас эди.

2017 йилда у бошлаган Facebook кампанияси  [2]“Ҳамдардлик кампанияси” деб номланган бўлиб, мазкур кампания қуролланган кишилар томонидан машинасида ўққа тутилиб яраланган фуқарони даволаниши учун маблағ тўплаган эди. Мамлакат президенти Ашраф Ғанининг молиявий эҳсонидан сўнг мазкур кампания миллий эътиборни жалб этди [3].

Кейинчалик ИШИДнинг Афғонистондаги тармоғи ушбу ҳужум жавобгарлигини ўз зиммасига олди [4] .

Ягона ушбу кампанияни “одамларни бир-бирига ёрдам беришга ўргатиш” учун бошлаганини айтди, чунки “ҳар биримиз бу урушнинг кейинги қурбони бўлишимиз мумкин”, дейди у.

АҚШ қўшини тармоқлари томонидан кучайтирилган, қирқ йилдан бери деярли тўхтовсиз давом этган ҳарбий тўқнашувлар ва низолардан сўнг аёлнинг бу гапларига эътироз билдириш қийин, албатта.

БМТнинг яқинда қилган маърузасида тасдиқланишича, [5] ўтган йили Афғонистондаги тўқнашув оқибатида 3 804 фуқаро ҳалок бўлган, 7 189 фуқаро жароҳат олган. Бу 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги аралашув вақтидан буён бошқа тўқнашувлардан ҳам юқорироқ кўрсаткичдир.

Бу рақам шунингдек, ҳалок бўлган болалар сонинининг энг юқори кўрсаткичини ҳам ўз ичига олади.

Бомба ва қуролли ҳужумлардан жабрланганларнинг, шунингдек, улар ортда қолдирган яқинларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, буткул имконсиз ҳолга бориб қолиши оммавий фаоллик аҳамиятининг янада кучайишига сабабчи бўлди.

Сайид Нақибуллоҳ, Парвон шаҳрида худкушлик натижасида портлаган бомбадан вафот этган йўл полициячисининг отаси. Суръат муаллифи затуллоҳ Меҳрдод.

Ягона бошлиқ кампаниядан молиявий кўмак олган  жабрдийда фуқаро [3] муолажадан сўнг вафот этди. Ягона жасадни Дайкунди вилоятига – марҳумнинг уйига олиб борди. Марҳум ўз ортида рафиқаси ва етти фарзандини қолдирган бўлиб, улар орасида тўққиз ёшли гўдак ҳам бор эди.

Бола отасининг дафн маросимини ҳаракатсиз қотиб қолиб кузатди.

“Отам агар мактабда яхши ўқисам, велосипед олиб беришга ваъда берган эди,” деди бола кўзлари ёшга тўлиб Ягонага.

Бир неча ой ўтиб болакай мактаб синовларидан аъло баҳо олгач, Ягона отанинг ваъдасини амалга оширди. Бундан ташқари, тўнғич фарзанди Кобулда талаба бўлган марҳумнинг бошқа болалари учун ҳам таълим харажатларини қоплаш учун маблағ тўплади.

“Мен истаган ягона нарса бу – мерос қолдириш,” дейди 13 ёшида гиёҳванд бир одамга узатилиб юборилган ва илк фарзандини 14 ёшида Эронда ўтказган қочқинлик даврида кўрган Ягона.

“Кимдир қалб хотиржамлигини ҳис қилиш учун ичади. Яна бошқаси китоб ўқийди. Мен эса бошқалар ҳам ўша тинчликка эришишига ёрдам бераман».

“Саҳнада биринчи”

“Яшил уй” – бу тўқнашув қурбонларига ёрдам беришга қаратилган бир неча афғон қўллаб-қувватлаш гуруҳларидан бири.

Оммавий тузилмаларнинг ушбу намунаси ўзлари юзлашиб турган муаммоларнинг миқёсига нисбатан етарли эмаслигига қарамай, ўнлаб одамларнинг ҳаётига муайян ижобий ўзгаришлар олиб кирди.

Тадбиркор ва фотожурналист Асиф Юсуфий бўш вақтида ўзининг кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда қурбонларни қўллаб-қувватлайди.

“Биз кўп ҳолларда худкушлик ҳужуми жойига етиб келган биринчи гуруҳ ҳисобланамиз”, дейди Юсуфий. “Бу қалбингизни яралайди”.

Юсуфий мунтазам равишда шифохоналарга бориб туради ва Баба Мазари фонди [6] деб номланган Австралия қўллаб-қувватлаш фонди учун ҳужум қурбонлари ҳақида маълумот тўплайди.

“Мен ўзимни тўхтата олмайман,” дейди у. “Бориб одамларга ёрдам бериш одат бўлиб қолган”.

Жабрланганларнинг акс жавоби давом эттириш учун асосий рағбат ҳисобланади, илова қилди у. “Улар бизларга: “Инсонийлик бор экан, бизга ғамхўрлик қиладиган инсонлар бор экан”, деб айтадилар».

Асиф Юсуфий, афғонистонлик тадбиркор ва фотожурналист, ярадор одамнинг қаршисида ўтирибти. Суръат нашр қилинишига рухсат олинган.

Ўзгача турдаги чемпион

Ижтимоий оммавий ахборот воситалари маҳаллий маблағларни жалб қилишда ҳал қилувчи воситага айланди ва мавжуд ижтимоий эътиборли шахсларнинг қўллаб-қувватлаши кампаниялар учун катта аҳамиятга эгадир.

“30 миллион аҳолидан камида 10 минг киши ёрдам беришга тайёр эканлигини кўриш ёқимли”, дейди Аҳмад Раман Абасий, ўтган йили Мазори Шариф шаҳрида гиёҳванд ёлғиз онага ёрдам бериш учун ташкил қилган кампаниясини мисол қилиб [7] .  

Абасий жароҳат туфайли 2017 йилда нафақага чиққан собиқ таеквондо чемпиони. Бугунги кунда у мусибат чекканлар ва ярадорлар чемпионидир. У спортчи сифатидаги машҳурлигидан, оммавий маблағ тўплашда фойдаланмоқда.

Турмуш тарзидаги ўзгариш уни ҳамюртларига янгича нигоҳ билан қарашга ўргатди.

“Одамлар янада меҳрибон ва мурувватли бўлишди”, дейди у Global Voices га.

Афғонистоннинг Фараҳ вилоятида 2018 йил май ойида Толибон томонидан қатл қилинган афғон аскарининг оиласини қўллаб-қувватлаш учун маблағ тўплаши Абасийнинг энг катта кампанияси ҳисобланади.

Қисман Абасийнинг тарғиби шарофати билан аскар ниҳоятда кенг тарқаган ижтимоий медиа кишисига айланди [8]. Мазкур оммавий кампания ой тугамай туриб $3000 тўплади.

“Мен Facebook орқали одамларга ёрдам бера оламан, деб ўйладим,” дейди Абасий. “Тобора ичкари кириб борганим сари, шу қадар кўп ёрдамга муҳтож инсонларга дуч келаман”.

Ахмад Роман Абаси, тхэквондо бўйича чемпион. Ижтимоий тармоқларда ҳайрия пулларини йиғилишига асос солган. Бу суръат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган

Қобулдан ташқарида Интернет тармоғига кириш муаммоси мавжуд бўлса-да, бундай фаоллик таъсири афғон пойтахтидан ташқарида кенг ёйила бошлади.

Парван вилоятидан бўлган фермер Сайид Нақибуллоҳ учун, яқинда уйланган йўл ҳаракати полицияси бўлган ўғли Ғарибуллоҳнинг 2018 йилнинг 12 ноябрида Қобулда содир бўлган худкушлик ҳужумида ҳалок бўлганини эшитгач дунё қорунғу бўлиб қолди.

Худди шу куни дафн маросимида азадор отанинг телефони жиринглаб қолди. Бу унинг номидан пул йиғиш учун рухсат сўраб мурожаат қилган Абасий эди. Ҳозирда Нақибуллоҳ оиласи ҳар ой номаълум донордан 7000 афғоний (100 АҚШ доллари) олиб турибди.